Одинахон Жамолдинова

Сана: 09.11.2017 15:40

Лавозим: 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси
Мавзу: 
Илм-фан ривожи - тараққиётнинг бош омили
Муносабат: 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан бўлиб ўтган учрашувда:  “Бугунги замон барча соҳалар қаторида илм-фанни ҳам янги босқичга кўтаришни талаб қилмоқда. Зотан, жамият олдида турган долзарб масалаларни илм-фансиз ечиш қийин. Мазкур соҳани ва олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидандир”, - деб таъкидлаган эди.

Орадан қисқа муддат ўтиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил  этиш, бошқариш ва молиялаштиришни  янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  билан републикамизда фаолият олиб бораётган илмий марказлар ва олий таълим муассасалари ҳузуридаги илмий тадқиқот институтлари Фанлар академияси тасарруфига ўтказилди.  

Бугун давлатимиз раҳбари мамлакатимизда илм-фан соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга хизмат қилувчи  “Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.   

Қарорга кўра 2017-2021 йилларда илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш назарда тутилган. Ушбу дастур фан ва инновация соҳасида 6 та устувор йўналиш бўйича 40 дан зиёд тадбирларни ўз ичига олади. Айниқса,  иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш учун зарур  шароитларни таъминлаш мақсадида докторантурада ўқиш учун мақсадли квоталарни ажратиш амалиётини жорий қилиш, магистрлик  диссертацияларининг  дастлабки ҳимоясини  амалиёт ўталган  муассасаларда ўтказиш тартибининг  киритилиши фан ва таълим интеграциясини таъминлайди.  

Қарорга мувофиқ 2018 йилнинг 1 янаваридан бошлаб гуманитар ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга илмий-тадқиқот  муассасаларининг бино ва иншоотларини сақлаш,  уларнинг айрим тоифадаги ходимлари меҳнатига ҳақ  тўлаш бўйича ҳаражатларнинг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши алоҳида эътиборга молик.  

Бир сўз билан айтганда, мазкур қарор O‘zLiDePнинг дастурий мақсадларига уйғун ва ҳамоҳанг. Шундай экан, қарор мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламига тушунтириш ва тарғиб қилиш фракциямиз аъзоларининг кундалик вазифасига айланиши лозим.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

53