Европалик эксперт Ўзбекистон раҳбариятининг янги ташқи сиёсий йўли ҳақида

Сана: 15.11.2017 17:18

Брюсселда чоп этиладиган “Diplomatic World” халқаро журнали саҳифасида Ўзбекистоннинг минтақавий барқарорлик ва хавфсизлик масалалари бўйича ташқи сиёсий йўлининг қирраларини очиб берадиган мақола босилиб чиқди. “Дипломатиc Wорлд” жаҳон иқтисодиёти, молия, сиёсат ва дипломатия масалаларини ёритишга ихтисослашган нашр ҳисобланади.

Белгиялик етакчи эксперт, “Евроконтинент” таҳлил гуруҳининг президенти Пер-Eммануел Томанн қаламига мансуб мазкур мақолада минтақада барқарорлик таъминланиши ва хавфсизлик мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этадиган Ўзбекистон раҳбариятининг янги ташқи сиёсий йўли атрофлича таҳлил этилган.

“Президент Шавкат Мирзиёев миллий даражадаги жадал ислоҳотларни бошлабгина қолмасдан халқаро ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича ҳам амалий қадамларни ташлади. Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда”, деб ёзади эксперт. Унинг қайд этишича, 2016 йил декабрида давлат раҳбарлигига сайланганидан сўнг Президент Ш.М.Мирзиёев расмий ташриф билан Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда бўлди. Ўтган давр ичида Тошкент ва Душанбе ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновлари қайта йўлга қўйилгани ўзаро ишончни тиклаш юзасидан ишлар бошланганини билдиради.

П.-E.Томанн фикр билдирганидек, Ўзбекистон раҳбарияти тутган янги йўл ғояси минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш воситасида Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш билан изоҳланади. Бу минтақа салоҳиятини тўла очиш имконини беради. Шу ўринда хавфсизликни нафақат анъанавий маънода, балки минтақа мамлакатлари иқтисодиёти, энергетикаси, экология ва демографияси, маданияти ва ўзига хослигини хавф-хатарлардан ҳимоя қилишнинг кенг қамровли концепцияси сифатида тушунмоқ лозим.

“Ана шу мақсадга эришиш йўлида Ўзбекистон ҳукумати яқин ва узоқ хориждаги барча шериклари билан, жумладан, халқаро ташкилотлар ва нодавлат ноҳукумат ташкитлотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилмоқда. Катта ишга қўл урилди – ушбу ташаббуснинг муваффақият қозониши минтақавий барқарорликнинг мустаҳкамланишига олиб келиши билан бирга Евроосиёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича янги геосиёсий тажриба бўлиб қолади”, деб ҳисоблайди европалик эксперт.

“Евроконтинент” таҳлил гуруҳи раҳбарининг қайд этишича, Ўзбекистон ҳукумати кўзлаган яна бир мақсад Евроосиёнинг транспорт, энергетика ва савдо йўлаклари учун ўз мамлакатини геосиёсий хабга айлантиришдир. Маълумки, минтақа давлатлари Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббусида иштирок этишдан манфаатдор, чунки улар континентал транспорт тармоқларининг кенгайишидан наф кўради.

“Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантириш ва барча йўналишларда мувозанатни қўллаб-қувватлаш ғоясига асосланган. Мамлакат Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти аъзоси, “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” дастури доирасида НАТО шериги, ЕИ Стратегияси доирасида Марказий Осиё бўйича муҳим мамлакат, ЕХҲТ, МДҲ, ва ИҲТ аъзоси ҳисобланади. Шу боис Ўзбекистон ўзининг минтақадаги шериклари сингари яқин ва узоқ хориждаги мамлакатлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интилмоқда”, деб ёзади “Дипломатиc Wорлд” журнали.   

“Жаҳон” АА,

Брюссель

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

37