Ўзбекистонда тоғ сайёҳлигининг ривожланиши “Iran News” нигоҳида

Сана: 20.11.2017 10:00

Эронда инглиз тилида нашр этиладиган “Iran News” газетасининг веб-саҳифасида “Янги меҳмон уйларининг қурилиши сайёҳлар учун Ўзбекистон тоғлари жозибадорлигини янада оширади” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Унда қайд этилганидек, қишлоқ ва экология сайёҳлигига бўлган қизиқишнинг тобора кучайиб бораётгани ҳисобга олинган ҳолда, шунингдек, янги йўналишларни ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон хусусий сайёҳлик ташкилотлари ассоциацияси Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланаётган “Марказий Осиёда барқарор иқтисодий ривожланиш учун бизнес уюшмалар орқали қишлоқ сайёҳлиги ва экотуризмни жадаллаштириш” лойиҳасини ҳаётга тадбиқ этишни бошлади.

Ушбу ташаббус Европа Иттифоқининг “Марказий Осиё Инвест: кичик бизнес рақобатбардошлигини ошириш” дастурининг тўртинчи босқичи доирасида амалга оширилади. ECEAT - Европа Эко- ва агросайёҳлик маркази (Нидерландия), Ўзбекистон хусусий сайёҳлик ташкилотлари ассоциацияси ва мамлакатимиз Савдо-саноат палатаси унинг ижрочилари ҳисобланади.

Мазкур лойиҳа менежери Гулчеҳра Исроилованинг қайд этишича, деб хабар беради “Iran News”, мазкур дастур доирасида қишлоқ сайёҳлигига алоҳида эътибор қаратилади. Хорижлик сайёҳларнинг қишлоқ оиласида тунни ўтказиши ва нонушта қилиши, диққатга сазовор жойларни бориб кўриши маҳаллий аҳоли учун қўшимча даромад манбаи бўлади.

“Лойиҳани амалга ошириш бошланди. Бунинг натижасида Ўзбекистон тоғларида сайёҳларга юқори даражада хизмат кўрсатиладиган меҳмон уйлари бунёд этилади. Ўз навбатида, бу мамлакатда янги сайёҳлик йўналишларини яратишга ҳамда қишлоқ ва экотуризмни оммалаштиришга хизмат қилади”, деб ёзади “Iran News”.

"Жаҳон" АА,

Теҳрон

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

254