Навоий вилоятида тадбиркорликка оид меъёрий ҳужжатлар муҳокама этилди

Сана: 23.11.2017 20:40

O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши Ташқи савдо вазирлигининг вилоятдаги ваколатли вакиллиги ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Махсус турдаги товарлар экспортини лицензиялаш, шунингдек, экспорт контрактларини рўйхатга олиш ва импорт контрактларини экспертизадан ўтказишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  фармони, “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари мазмун-моҳиятини кенг аҳоли ва партиямизнинг электорати вакилларига тушунтиришга бағишланган давра суҳбати ўтказди. Унда партия Навоий вилоят Кенгаши ходимлари, депутатлик гуруҳи аъзолари, вилоят адлия, солиқ ва божхона бошқармалари мутасаддилари, тадбиркор ва фермерлар ҳамда журналистлар иштирок этди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур фармон ва қарорларининг мазмун-моҳияти бўйича Навоий вилоят Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Х.Саъдуллаев, Ташқи савдо вазирлигининг вилоятдаги ваколатли вакили О.Шукуров, Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси бошлиғи Р.Махмудовларнинг маърузалари тингланди.

Тадбирда таъкидланганидек, Президентимиз фармонида махсус турдаги товарларни экспорт ва импорт қилиш, экспорт контрактларини рўйхатга олиш, шунингдек, импорт контрактларини экспертизадан ўтказиш ва тендер ҳужжатларини баҳолаш тартибини янада такомиллаштириш назарда тутилмоқда. Хусусан, экспорт-импорт тартиб-таомилларини оптималлаштириш ва махсус турдаги товарларни экспорт ҳамда импорт қилиш учун лицензиялар бериш функцияларини ягона органда бирлаштириш мақсадида лицензиялаш функциялари Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигидан Вазирлар Маҳкамасига ўтказиш назарда тутилган. Бундан ташқари, бир-бирини такрорлайдиган тартиб-таомилларни истисно қилиш мақсадида Фармонда импорт шартномаларини Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан экспертизадан ўтказишга доир амалдаги тартибни соддалаштириш ҳамда унга ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда.

Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасадди ташкилот вакилларидан жавоб олишди.

Б.ЮЛДАШЕВ,

 O‘zLiDeP Навоий вилоят

Кенгаши  ходими 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

43