Депутат сўровига беписандлик халқ дардини менсимасликдир

Сана: 22.11.2017 11:46

Амалдаги қонун ҳужжатларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахслари депутат сўровига сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай жавоб беришлари шартлиги белгилаб қўйилган. Аммо баъзи мансабдор шахслар депутат сўровига ҳалиям беписанд назар билан қараб келаётгани ачинарли.

Фикримизни аниқ мисоллар воситасида далилласак. Халқ депутатлари Янгийўл тумани Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Раҳмонберди Норов ўтган 9 ой давомида 11 та депутатлик сўрови юборган. Уларнинг 4 тасига жавоб хати умуман келмаган. Жумладан, Янгийўл туман ҳокимлиги, туман истеъмолчилар ҳукуқларини ҳимоя қилиш маркази, “Тошвилсувоқава” раҳбарларига юборилган сўровлар раҳбарларнинг иш столида қолиб кетди. 4 та депутатлик сўровига мавҳум, турли хил баҳонали хатлар жавоб тариқасида тақдим этилди.

Депутатга келган мурожаатларнинг баъзиларини эътиборингизга ҳавола этсак: Навоий кўчаси, 5 уйда яшовчи фуқаро Олтиной Аҳмедова ўзи яшаб турган кўчадаги ариқлар кўмилиб, оқава сувлар аҳолининг уйига оқиб кираётгани ҳақида мурожаат қилган эди. “Райҳон” тор кўчасида истиқомат килувчи Нигора Абдуллаеванинг мурожаати ҳам деярли шу мавзуда У яшаб турган хонадони жарлик ёқасида жойлашгани ва уйнинг жарликга қулаб кетиш хавфи юқорилигидан шикоят қилган эди. Икки ҳолат бўйича жорий йилнинг 16 майида Р.Норов туман фавқулодда вазиятлар бўлимига депутатлик сўрови билан мурожаат қилди. 30 май куни сўровга Янгийўл тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф. Камолиддинов имзоси билан жавоб хати келган. Унда мазкур фавқулодда ҳолатлар фуқароларнинг ўз ҳисобидан хашар йўли билан бартараф этилиши ҳақида сўз юритилган.

Ҳокимининг биринчи ўринбосари жавобига кулишни ҳам куйишни ҳам билмайди одам. Чунки фуқаро муаммони ўзи ҳал қила олганда эди, у на депутатга ва на ҳокимиятга мурожаат қиларди. Ваҳоланки, депутатнинг ҳам ҳокимият вакилининг вазифаси битта – аҳолини қийнаётган муаммоларга ечим топиш ва халқни рози қилишдан иборат.

O‘zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

323